Ўзбекистон

Хонадонларга ақлли ҳисоблагич ўрнатилмоқда



Унинг афзаллиги нимада?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 октябрда қабул қилинган қарори билан тасдиқланган “2018-2020 йилларда ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, электр тармоқларини модернизация қилиш, электр энергияси ҳисоби ва истеъмолини назорат қилишни такомиллаштириш бўйича йўл харитаси”га мувофиқ, айни пайтда Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилмоқда.

Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа доирасида 2020 йилнинг 1 июнига қадар Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларидаги 0,4 кВли истеъмолчиларга 1,4 миллион дона ақлли ҳисоблагичлар ўрнатиш ва янги тизимни йўлга қўйиш режалаштирилган.

5.JPG

Самарқанд вилояти матбуот уйида “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида янги тизимни амалга ошириш жараёнлари, унинг афзалликлари ҳақида маълумот берилди.

– Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишда хориж тажрибасига таянилмоқда, – дейди “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ бош директори М.Пардаев. – Яъни, бу вазифа Италия компанияси маслаҳати ёрдамида кореялик пудратчи корпорация томонидан амалга оширилмоқда. Биргина Самарқанд вилояти учун Осиё тараққиёт банки томонидан кредит ҳисобига 66,1 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ молиялаштирилган. Бунинг эвазига 2020 йилнинг 1 июнигача вилоятимизда 722 минг 862 та ақлли электрон ҳисоблагич ҳамда 12 минг 418 та концентратор ўрнатилиши керак. Ҳозирда бу иш Самарқанд шаҳрида жадал суратда амалга оширилиб, 102 мингдан ортиқ ҳисоблагич ва 530 дона концентратор ўрнатилди. Эндиликда бошқа туман ва шаҳарларда ҳам янги ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун туман, шаҳар электр таъминоти корхоналарида 350 нафар ходимлар жалб этилиб, 175 та бригада тузилди. Улар керакли асбоб-ускуна ва транспорт воситалари билан таъминланган.

– Янги тизим бир қатор афзалликларга эга ва бу амалиётда ўзини оқлади, – дейди “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ бўлими бошлиғи В.Қиличев. – 2015-2016 йилларда Пастдарғом туманининг Гўзалкент ҳудудида эксперимент тарзида шу тизим асосида истеъмолчиларга электр энергияси етказиб берилди. Натижа шуни кўрсатдики, тармоққа ноқонуний уланиш ва фойдаланиш йўқолди. Тўлов интизоми яхшиланди, истеъмолчиларнинг электр энергиясидан қарздорлиги кескин камайди. Айни пайтда Самарқанд шаҳрида ўрнатилган ақлли ҳисоблагичлар ҳам автоматлаштирилган онлайн режимига ўтказилмоқда. Бу электр энергиясидан фойдаланиш кунлик кўрсаткичларини йиғиш ва ҳисоб-китоб тизимини автоматлаштириш, электр энергиясидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имконини беради. Муҳими, электр тармоқларини бошқарилишини енгиллаштиради, эксплуатация сарф-харажатларини камайтириб, истеъмолчиларнинг электр энергиясидан фойдаланишни ўзи бошқариш имкониятларини кенгайтиради. Содда қилиб айтадиган бўлса, энди истеъмолчи электр энергиясини сотиб олиб ишлатади. Аввалгидек, қарздорлик юзага келишига йўл қўйилмайди. Истеъмолчининг ҳисобида пул бўлмаса, ҳисоблагич автоматик тарзда ўчади ва электр энергияси етказиб бериш тўхтатилади. Бундан ташқари, тармоқда ёки фойдаланилаётган электр ускуналари ва техникаларида носозлик юзага келса, кучланиш ошиб кетса ҳам ҳисоблагич ўчади. Носозликлар бартараф этилгач, истеъмолчининг мурожаати билан навбатчилар томонидан ҳисоблагич қўшилади. Бунинг учун барча туман ва шаҳарларда туну кун доимий навбатчилик йўлга қўйилади. Тўловларни амалга ошириш ва ўз ҳисобини билиб бориши учун ҳам истеъмолчиларга қулайлик яратилган бўлиб, бу ҳақда уларнинг телефонига хабарнома юборилади.

11 (1).JPG



Манбаа:
uza.uzскачать dle 12.0

ЎХШАШ МАВЗУЛАР