Таълим

Муваффақият билан битирганлар иқтидорли ўқувчиларга ёрдам берадилар



Вазирлар Маҳкамасининг 17.04.2019 йилдаги 321-сон қарори билан таълим муассасаларида уни битириб, юксак ютуқларга эришган номдор шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобига шакллантириладиган битирувчилар жамғармасини ташкил этиш назарда тутилган.

Жамғарма ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар давлат, нодавлат таълим муассасаларида ва мамлакатимиз ҳудудида ташкил этилган хорижий таълим муассасаларининг филиалларида ихтиёрий асосда ташкил этилиши мумкин. Таълим муассасаларида жамғарманинг ташкил этилиши мажбурий эмас.
 
Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

  • таълим муассасаларини битириб, юксак ютуқларга эришган номдор битирувчиларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари;
  • Жамғарманинг вақтинчалик бўш турган маблағларини банк депозит ҳисобварақларига жойлаштирилишидан олинган фоиз даромадлари.
 
Жамғарма маблағлари таълим муассасаларининг Молия вазирлиги Ғазначилигида очилган алоҳида бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади ва қуйидаги мақсадларни молиялаштиришга йўналтирилади:
  • иқтидорли ўқувчи ва талабаларнинг ўз билимларини янада мустаҳкамлашлари учун зарур бўладиган ўқув ва илмий адабиётлар ҳамда жиҳозларни харид қилиш, уларни моддий рағбатлантириш;
  • ўқувчи ва талабаларнинг маҳаллий ва халқаро миқёсда ўтказиладиган (билимлар соҳаси, спорт, маънавий-маърифий ва бошқа тадбирлар) турли мусобақаларда фаол иштирокини таъминлаш;
  • кам таъминланган оилалар ва етим болалар тоифасига кирувчи ўқувчи ва талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш;
  • профессор-ўқитувчилар ва ходимлар меҳнатини рағбатлантириш;
  • таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ш.ж. таъмирлаш ва жиҳозлаш;
  • фаол ўқувчи ва талабалар ўртасида ўтказиладиган республика танловлари ғолибларини ҳамда уларнинг устоз ва мураббийларини тақдирлаш ва рағбатлантириш.
 
Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш Жамғармани бошқариш кенгашлари ва умумий ўрта таълим муассасаларида Кузатув кенгашлари томонидан амалга оширилади.
 
Жамғарма маблағларидан фойдаланиш таълим муассасалари томонидан тасдиқланадиган даромадлар ва харажатлар сметаси асосида амалга оширилади. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси ва унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар, шунингдек, товарлар (иш ва хизматлар)ни харид қилиш бўйича тузилган шартномалар рўйхатлари таълим муассасасининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади деб хабар бермокда Norma.uz сайти.

скачать dle 12.0

ЎХШАШ МАВЗУЛАР