BBC Ўзбек

Ўзбекистон: Столбани ҳам олиб бориб қамайди - ДХХ терговчиларига чора кўриладими?

Сурат муаллифи: GAZETA.UZ                      
Юнусобод туманининг собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматов пора олмаган

Юнусобод тумани собиқ ҳокими устидан ўтган маҳкамада ДХХ томонидан катта миқдорда пора олиш айби ўз исботини топмади. ДХХ ҳокимнинг турмуш ўртоғидан олган 400 минг долларни қайтаради. Буларнинг ҳаммаси 13 май кунги суд ҳукмида янгради.

Хўш, ДХХ терговчилари пора олмаган ҳокимни олди, деб ҳодисани ташкиллаштиргани учун жазо оладими?

ДХХ томонидан тергов қилинган Юнусобод туманининг собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматовга қўйилган таъмагирлик йўли билан жуда кўп миқдорда пора олиш айби ўз исботини топмагани учун бекор қилинди.
13 май куни бўлиб ўтган маҳкамада собиқ ҳоким мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда жуда катта миқдорда зарар етказганликда айбдор топилиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Би-би-си ҳокимга асоссиз айб қўйган ДХХ масъулларига прокуратура чора кўрадими, дея Бош прокуратурага сўров йўллади.

Би-би-си: Жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар судида ушбу даъво ўз тасдиғини топмади. Ўртада собиқ ҳокимнинг обрўси тўкилди. Бундай ҳолларда ДХХнинг ҳаракатини ёки таъбир жойиз бўлса туҳматини Бош прокуратура назорат қиладими?

Бош Прокуратура матбуот хизмати: Абдусаматов жиноят содир қилган, лекин унинг ҳаракати терговда нотўғри квалификация қилинган, бу суд муҳокамаси мобайнида аниқланди ва прокурор ҳам суд мажлисида жиноят ҳолатларини қайта квалификация қилиш юзасидан тегишли муносабат билдирган.

Бахтиёр Абдусаматов адвокати Тимур Раҳматуллаевнинг судда айтишича, Абдусаматов ҳибсда бўлган чоғида «номаълум хавфсизлик ходимлари» тумандаги тадбиркорлардан катта миқдордаги пора олганлигига оид шубҳали маълумот билан таништиришади.

"Ходимлар Бахтиёр Абдусаматовдан 600 минг АҚШ доллари миқдорида пул олиб келиб бериши, кейин видеотасмага тавба қилиши туширилиши, видео тегишли бошлиқларга кўрсатилгач, уни қўйиб юборишлари ва ишини (ҳокимлигини) давом эттириши мумкинлигини айтишган" деган Тимур Раҳматуллаев.

Шундан сўнг, судланувчи яқин қариндошлари ва танишларига моддий томондан ёрдам сўраб алоқага чиқади. Бир неча уй, автомобиллар гаровга қўйилиб, 7-10 сентябр орасида 400 минг АҚШ доллари йиғилади. Пул ДХХнинг тегишли департаментига олиб келиб берилади.
400 минг АҚШ доллари миқдоридаги сумма олиб келиб берилгач ҳам Абдусаматов қўйиб юборилмайди ва хавфсизлик хизматининг тергов ҳибсхонасига жўнатилади.

2018 йилнинг сентябр ойида ҳокимни ДХХ 400 минг доллар пора билан қўлга олгани ҳақида ўзбек ОАВда хабарлар билан тўлиб тошганди.


"Суд терговида Бахтиёр Абдусаматов 400 минг АҚШ доллари миқдорида пора олгани ўз исботини топмади. Сунъий равишда оммавий ахборот воситаларида унга қарши бўҳтонлар тарқатилиши ҳам бунга яққол мисол", - деган адвокат.

Суд давомида собиқ ҳоким ўзининг қўлга олиниши Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбарлари томонидан уюштирилганини тахмин қилган.

«Бир нарсани айтишни хоҳлайман. Жиноят иши қўзғатилишидан бошлаб саккиз ой давом этган турли ҳаракатлар, айниқса тергов ҳаракатларигача, - буларнинг барчаси «коррупцион сенсация» учун қасддан Давлат хавфсизлик хизматининг айрим собиқ раҳбарлари томонидан амалга оширилди. Бу менинг тахминим".

Жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Зафар Нурматов Ўзбекистон Республикаси ДХХ депозит ҳисоб рақамига топширилган жами 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари Бахтиёр Абдусаматовнинг турмуш ўртоғи Абдусаматовага қайтарилиши тўғрисида ажрим чиқарди

Шу билан бирга у Ўзбекистон Республикаси ДХХ Тергов бошқармаси раҳбарияти эътибори юқорида қайд этилган тавсияларга қаратитиш ва келгусида шу каби қонун бузилиши ҳолатларини олдини олиш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини тўғрисида хусусий ажрим чиқарди.

Дастлабки терговни ўтказган ва ҳокимдан 600 минг доллар олиб келишни талаб қилган "номаълум хавфсизлик ходимлари" ҳамда собиқ ҳокимга туҳмат қилгани айтилаётган ДХХ собиқ раҳбарларига қандай чора кўрилиши масаласи очиқ қолмоқда.

2018 йилнинг 16 феврал куни Бухорога вилояти Пешку туманига ташриф буюрган Президент Шавкат Мирзиёев ДХХнинг ўтмишдоши бўлмиш МХХнинг ўтган фаолиятини танқид остига олганди.

"Битта погон кийган ноинсофларга бирорта давлатда ундай ваколат берилмайди. 1937 йилда ҳам бундай бўлмаган. Бухорода бу ташкилот қутурган ит эди. Хоҳлаган одамини нима қилса, қиларди. Керак бўлса, «столба»ни ҳам олиб бориб қамарди", деганди Шавкат Мирзиёев.

ДХХ аралашган охирги суд ва тергов ишлари асносида ижтимоий тармоқларда Мирзиёевнинг ана шу сўзлари бот-бот тилга олинмоқда.

"Столба»ни ҳам олиб бориб қамайди…"
скачать dle 12.0

ЎХШАШ МАВЗУЛАР