Технология

Ўзи отар автомат, сув остида юрувчи робот: ўзбек ҳарбийларининг янги ихтиролари

“Чирчиқ” полигонида “Techno Discovery-2019” фестивали ўтказилди.

Мудофаа вазирлиги қўшинлари фаолиятига замонавий илмий-техник ва рационализаторлик ишланмаларини киритиш мақсадида 25-26 май кунлари “Ҳеч бир ижобий ғоя эътибордан четда қолмайди” шиори остида “Techno Discovery-2019” фестивали ўтказилди. 

Тошкент ҳарбий округининг “Чирчиқ” полигонида ўтказилган фестиваль доирасида намойиш этилган ихтироларни мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, вазирлик мутасаддилари, Қуролли Кучлар фахрийлари, шунингдек, барча ҳарбий округлар қўмондонлари бевосита кўздан кечирди.

Ўзбекистон армиясида биринчи бор ўтказилаётган бу турдаги кенг кўламли фестивалда уч юздан ортиқ ҳарбий хизматчилар ўзларининг янгича ёндошувлари асосида яратган ихтиролари, мавжуд техникаларга киритган ўзгартириш ва қўшимчалари, узоқ йиллардан буён фойдаланилмасдан келаётган қурилмаларни замон талабларига мослаштиргани билан алоҳида ажралиб турди.

Хусасан, махсус тадбирлар ўтказилувчи жойларда вужудга келаётган вазиятлар ҳақида маълумотлар йиғиш ва уларни қайта ишлаш, бошқарувни ташкиллаштириш мақсадида қўмондонлик ва тезкор штаб ишини амалга ошириш учун мўлжалланган ўзгарувчан ҳажмга эга мобил қўмондонлик-штаб пункти кўпчиликнинг эътиборини тортди.

“КамАЗ” юк машинасининг базасига ўрнатилган ушбу пунктни яратишга 400 миллион сўмга яқин маблағ сарфланган бўлиб, бир ёки икки киши уни тўлиқ иш жараёнига тайёрлашига 10 дақиқа сарфлайди. Унинг ёрдамида видеоконференцияларни ҳам ҳеч қандай қийинчиликсиз амалга ошириш мумкин. Айни вақтда мазкур мобил пунктлар Мудофаа вазирлиги ташкилотларида ишлаб чиқиш йўлга қўйилмоқда.

Фестивалнинг яна бир кўзга кўринган лойиҳаларидан бири бу — десантчининг ўқув-машғулот комплекси. Мазкур комплекс шахсий таркибни парашютдан сакрашга мукаммал ва ортиқча харажатларсиз тайёрлашга мўлжлланган. Унинг ёрдамида десантчининг учиш аппаратидан сакраганидан бошлаб бажарадиган барча амалий ҳаракатларини ернинг ўзида тўлиқ синаб кўриш мумкин. Бундан ташқари “УТКД-1” қурилмаси визуализатсия тизими билан жиҳозланган бўлиб, ундаги махсус дастурий таъминотга эга дастурий-аппарат модули ёрдамида виртуал реаллик ҳосил қилинади. 



Фестивалда ҳарбий-техник соҳага оид ишланмалардан ташқари ҳаётнинг барча жабҳаларида фойдаланиш учун мўлжалланган инновацион лойиҳалар ҳам иштирок этди.

Жумладан, сув остида мустақил ҳаракатланувчи робот, 3D модель орқали робот ҳаракати дастурини автоматик яратиш тизими, одамнинг юз қиёфасини таниш орқали у ҳақида маълумот бериш дастури, зарарланган ҳудудлардан турли намуналарни олиб келувчи робот ва бошқа кўплаб шу турдаги ихтиролар йиғилганларнинг қизиқишини янада орттирди.

Фестивал якунида генерал-майор Баҳодир Қурбонов Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши фаолларига “Намунали хизмати учун” кўкрак нишонларини, фестивални ташкил этишда жонбозлик кўрсатган ҳамда ўзининг рационализаторлик ишлари билан кўпчиликнинг диққатини тортган ҳарбий хизматчиларга навбатдаги ҳарбий унвон ва эсдалик совғаларини топширди. Ҳарбий округлар ҳамда ҳарбий қисмлар қўмондонликлари мамлакатда ишлаб чиқарилган янги автобуслар билан тақдирланди.
скачать dle 12.0

ЎХШАШ МАВЗУЛАР