Таълим

Заковат баҳси ғолиблари олий ўқув юртига имтиҳон ва тест синовларисиз қабул қилинади

Пойтахтимизда академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг умумтаълим фанлар бўйича республика олимпиадасининг IV босқичи бошланди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Касб-ҳунар таълими маркази, Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Ушбу олимпиада иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришдек мақсадларни кўзлайди. Республика фан олимпиадаси тегишли низомга мувофиқ тўрт босқичда – ўқиш жойида, туман, шунингдек, ҳудуди туманларга бўлинмаган шаҳар бўйича, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда республика бўйича ўтказилади.

Жумладан, умумий ўрта таълим мактабларининг 11-синф ўқувчилари ўртасидаги фан олимпиадалари 2019 йилнинг 23-27 март кунлари ўтказилиб, унда жами 20 минг 649 нафар ўқувчи иштирок этди. Шунингдек, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг 2- ва 3-босқичида таҳсил олаётган ўқувчилар 2019 йилнинг 2-6 апрель кунлари билимларини синовдан ўтказди.

Бу беллашувларда 5280 нафар ўқувчи қатнашди. Учинчи босқич натижаларига кўра, жами 1059 нафар ўқувчи олимпиаданинг республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди. Заковат баҳсида ўқувчилар 20 та умумтаълим фанидан ўз билимларини синовдан ўтказмоқда.

– Олимпиада жараёни холисона ўтказилишини таъминлаш мақсадида ҳакамлар ҳайъати ва апелляция комиссияси таркиби ДТМ, Фанлар академияси институтлари, жойлардаги олий таълим даргоҳларининг етакчи олим-педагоглари, касб-ҳунар таълими, умумтаълим масканларининг етакчи ўқитувчилари томонидан шакллантирилди, – дейди Касб-ҳунар таълим маркази ходими Ҳусния Офтобхўжаева.
Олимпиада жараёнида холислик, шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Аудитория ва синфхоналар махсус видео камералар билан таъминланган. Аудитория раҳбарлари ва кузатувчилар томонидан билимлар синови жараёнидаги тартиб-интизомга қатъий амал қилинишига жиддий эътибор қаратилмоқда. 11 июнга қадар давом этувчи олимпиада ёзма иш ҳамда тест асосида ўтказилади.

Заковат баҳсида ғолиб бўлганлар имтиҳон ва тест синовларисиз олий ўқув юртига кириш имкониятига эга бўладилар.

Манба:
Uza.uzскачать dle 12.0

ЎХШАШ МАВЗУЛАР