Спорт / Туризм

Халқаро ''Баҳодирлар ўйини'' турнирининг биринчи куни ўз ниҳоясига етди.

Аввал хабар берганимиздек, 2019 йилнинг 7-9 июнь кунлари Хива шаҳрида Паҳлавон Маҳмуд номидаги 1-халқаро баҳодирлар ўйинлари ўтказилмоқда.

2 кунлик турнир давомида спортчилар 7 та шарт бўйича беллашишади. 8 июнь куни ушбу турнирнинг биринчи куни ўз ниҳоясига етди. Унда 10 дан ортиқ хорижий атлетлар ва улар қаторида Ўзбекистонлик спортчилар куч синашишди.Бу ҳақда "Press24.uz" интернет нашри хабар бермоқда.

Куннинг биринчи қисмида спортчилар оғир юк ортилган от аравани белгиланган масофага олиб бориш шарти бўйича ўз имкониятини намойиш
этишди.

Ушбу халқаро турнир жонли тарзда томоша қилиш мақсадида минглаб юртдошларимиз ва хорижий сайёҳлар мусобоқа ўтказиладиган Кўҳна Арк майдонида тўпланишди.
Куннинг иккинчи қисмида баходирлар 200кг лик тошни белгиланган баландликдаги устун устига қўйиш ва 360кг оғирликдаги юкни белгиланган масофа бўйлаб олиб бориш шартлари бўйича ўз маҳоратини намойиш этишди.

9 июнь куни спортчи атлетлар оғир юк машинасини тортиш (2 та “MAN” русумли), Хива темир йўл вокзалида поезд локомотивини тортиш ва оғир устунларни тутиб туриш каби қизиқарли беллашувларда ўз кучини намойиш этишади.

Турнир якунида ҳар бир шарт бўйича иштирокчиларнинг тўплаган баллар йиғиндисига қараб ғолиб баходир аниқланади.

Эслатиб ўтамиз мазкур халқаро турнир Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан “Ўзбекистон Баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш” ҳамда “World Strongmen” федерациялари ҳамкорлигида спорт туризмини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.

"Press24.uz"

Мухбир: Шахзод Сабиров
Фото: Бекзод Абдуллаев






скачать dle 12.0

ЎХШАШ МАВЗУЛАР