Хоразм / Туризм

ҚАДИМ ҚАДРИЯТЛАР ИФОДАСИ

Истиқлол йилларида мамлакатимизда маданий мерос обьектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш борасида бир қатор изчил ишлар олиб борилди, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб олинди ва амалга оширилмоқда.

Бунда маданий мерос обьектларини муҳофаза қилишга, уларни қайта таъмирлаш, тиклаш ишларини тизимли йўлга қўйишга, маданий мерос объектларини имкон қадар асл кўринишида сақлаб қолишни таъминлашга, уларни умуминсоний қадриятлар билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Хоразм вилоят Кенгаши раиси Ражапбой Рузметов "Press24.uz
" сайти муҳбирига хабар берди.

Ўзбекистон Республикасининг Конститутциясига мувофиқ юртимизда маданий мерос обьектларини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари мунтазам такомиллаштирилмоқда.


Тегишли қонунлар ва қонуности ҳужжатлари бу борадаги ишларда муҳим дастуриламал вазифасини ўтаяпти. Хусусан, “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги, “Маданий мерос обьектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Археология мероси обьектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Архив иши тўғрисида”ги, “Музейлар тўғрисида”ги қонунларда мазкур йўналишдаги фаолиятни тизимли ташкил этишнинг ҳуқуқий механизмлари аниқ белгилаб берилган.

Мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев томонидан 2018 йил 19 декабрда қабул қилинган “Моддий маданий мерос обьектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори бу борадаги ишларни юқори сифат даражасига олиб чиқишга хизмат қилмоқда. Жумладан, соҳада фундаментал ва амалий тадқиқотларни ташкил этишда фан ва инновацион технологиялар ютуқларидан самарали фойдаланиш натижасида лойиҳалаш, тиклаш, таъмирлаш орқали маданий мерос обьектларининг ноёблигини сақлаб қолиш бўйича қарорда белгилаб қўйилган вазифалар муҳим аҳамият касб этади.

Шонли тарихимиздан хабар берувчи обидалар халқимизда миллий ўзликни англаш туйғусини ўстириши билан бирга, айни чоғда қадимий тамаддун ифодаси сифатида бутун дунёдан сайёҳларни ўзига жалб этиши сабабли иқтисодиётнинг истиқболли соҳаснинг ривожида муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Хиванинг дунё ҳамжамияти томонидан алоҳида эътироф этилиши, энг аввало, ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилиши, нафақат Хоразм вилояти, балки Ўзбекистоннинг жаҳон туризм бозорига дадил кириб боришига замин яратди.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда Хоразмда неолит давридан то XIX асргача бўлган даврни қамраб олган 255 тадан ортиқ маданий мерос ёдгорликлари мавжуд. Шундан 53 таси Хива “Ичан-Қалъа” давлат музей қўриқхонаси ҳудудида жойлашган. Инсониятнинг бебаҳо бойлиги сифатида биргина Хиванинг музей фондида 39 мингдан зиёд экспонатлар сақланмоқда.

“Бетакрор Хива ансамблининг бунёд топиши тасодифий ҳол эмас, балки шарқ халқларининг қадимги маданияти бешиги Хоразмнинг кўп асрлик меъморий қурилиш анъаналарини мерос қилиб олган Хоразм меъморлари санъати ва меҳнатининг ижодий якунидир”. Бу санъатнинг баъзи бир қонун-қоидалари лавҳалар, буюк ўрта аср олимларининг ишлари орқали бизгача етиб келган, тадқиқотлар ҳали-ҳануз ниҳоя топган эмас. Бу назарияни ўзида мужассам этган ва шу кунгача сақланиб қолган ёдгорликлар энг қимматли ҳужжатлардир. Шунинг учун ҳам уларни ўрганиш ва муҳофаза этиш жуда муҳим.

Хива хонлиги даврида XIX асрда кечган ижтиомий-сиёсий жараёнларни ўзида акс эттирган манбалар етарли даражада бўлса-да, мазкур давр, хусусан, Оллоқулихон (1825-1842) ҳукмронлик қилган йиллар ҳанузгача алоҳида, чуқур ўрганилмай қолмоқда. Ваҳоланки, “ўн тўққизинчи юз йилликда хонликда рўй берган кўплаб воқеаларнинг гувоҳи, машҳур тарихчи Муҳаммад Ризо Огаҳий (1809-1874) қаламига мансуб олтита тарихий асар – “Фирдавс ул-иқбол” (“Жаннат иқболи”, II қисм), “Риёз уд-давла” (“Бахт-саодат боғлари”), “Зубдат ут-таворих” (“Тарихлар қаймоғи”), “Жомиъ ул-воқеоти султоний” (“Султон воқеаларининг йиғиндиси”), “Гулшани давлат” (“Давлат гулшани”), “Шоҳид ул-иқбол” (“Иқбол шоҳиди”) Хива хонлигининг 1823-1873 йиллар тарихини ўз ичига олган муҳим ва ҳалигача ўз қимматини йўқотмай, нафақат малакатимизда, балки, Ғарб ва Шарқда ҳам эътирофга сазовор бирламчи манбалар ҳисобланиб келади”. Бироқ, улар ҳали шу бугунгача алоҳида-алоҳида тарихий манба сифатида атрофлича таҳлил этилмаган.

Хива хонлигининг Оллақулихон даврида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳалар билан бир қаторда маданий-маърифий ҳаёт ҳам равнақ топган. У 1832-1838 йилларда маҳобатли мадраса ва улкан Тим яъни усти бостирмали расталар бўлган Карвосаройни бунёд этади.

Карвонсарой икки қаватли бўлиб, биринчи қавати савдо дўконлари ва иккинчи қавати савдогарлар учун ётоқхона вазифасини бажарган. Мазкур жой карвонсарой ва мадраса учун энг қулай ўрин бўлиб, карвонсарой кейинчалик божхона вазифасини ҳам ўтаган. Айрим маълумотларга кўра, у ниҳоятда катта ва доим гавжум бўлиб, бу ерда учрашган савдогарлар савдо-сотиқдан ташқари, ўзлари кўрган мамлакатларнинг маданияти, урф-одатлари, ўзига хос хусусиятлари ҳақида ҳам узоқ суҳбатлашар эканлар.

Хива карвонсаройи бу турдаги обидаларнинг Ўзбекистондаги энг нодир намуналаридан ҳисобланади. Манбаларда қайд этилишича, карвонсаройнинг тузилиши исломнинг дастлабки асрларида работ деб аталган ҳарбий истеҳкомлардан олинган. Атрофи берк ҳовли кўринишидаги тартиб илдизи олис тарихларга бориб тақалади. Маълумотларга қараганда, шароит тақозоси билан қурилиш ишлари оғир кечган паллаларда меъморчилик тарихида камдан-кам учрайдиган ҳодисалар, ғаройиб кашфиётлар юз берган.

Хусусан, карвонсарой билан бир вақтда ўзининг дастлабки вазифасини ўтаб келаётган Оллақулихон тимининг композицияси ана шу тарзда дунёга келган. Хива усталари тимни карвонсаройга улаб қурар эканлар, ундан янги бинонинг бир қисми сифатида ҳам фойдаланганлар. Карвонсарой пештоқи тимнинг марказий қуббали зал аркига айланган, ён дўконлар арк меҳробларининг бир маромдаги такрорланиши залдан ҳар икки томонга икки қатордан саф тортган учқуббали галереянинг катта-кичиклигини белгилаб берган.

Тўқсон тўққиз ҳужрали Оллақулихон мадрасаси икки қаватли бўлиб, пештоқи Ғарб томондаги Қутлуғ Мурод Иноқ мадрасасига “қўш” қилиб қурилган. Мадраса ўз даврининг нуфузли ўқув марказларидан бири саналган. Бу ерда турли миллат вакиллари ўқиган. Мадрасада қозоқ ва туркман домлалар дарс берганлигига қараганда, таҳсил олганлар ҳам шу миллатга мансуб бўлишган. Оллақулихон талабаларини китоб билан таъминлайдиган мазкур мардасанинг кутубхонасига унинг ёнидаги Карвонсарой ва Тимдан тушадиган даромадни ҳам қўшимча вақф қилиб берган.

Мазкур учта бемисл ансамбл ҳозиргача ўзининг тарихий аҳамиятини йўқотмаган. Бугунги кунда бу ерда уста ҳунармандлар фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, ЮНЕСКОнинг қадимги Хива хонлиги давридаги кийим-кечаклар, турли либослар матоларини қайта тиклаш бўйича махсус топшириғига асосан Марғилонлик бир гуруҳ ҳунармандлар 2005 йилдан Оллақулихон мадрасасида ўз фаолиятини бошлаганлар. Бу ерда махсус ўқув маркази ташкил қилинди. Шу бугунгача айни йўналишда кўплаб изланишлар олиб борилди. Жумладан, Хива хонлиги тарихида эркаклар учун махсус чопонлар ишланган Хоразм алача, турма белбоғ матоси ҳамда аёлларнинг ипакдан тўқилган гулли адрас, аврли беқасам матолари асл ҳолатида қайта тикланди.

Марғилонлик ҳунарманд Алишер Аҳмадалиев таъкидлашича, Хива хонлиги даврида Хонлар ва уларнинг оила аъзолари, ҳарамдагилар, амалдорлар ҳамда маҳаллий аҳоли учун тикилган кийимлар узоқ йиллик изланишлар натижасида топилиб, дастлаб матоларнинг эски ҳолати, яратилиш тарихи, ўзига хос қонуниятлари чуқур ўрганилган. Натижада, матолар ўша давр кўринишига хос услубларда пухта ишлана бошланди. Айнан Оллоқулихон мадрасасида Хоразм тарихий матоларининг бир қанча турлари янгидан яратилди.

Бугунги кунда ушбу маскан улкан тарихий аҳамиятга эга ҳунармандчилик мактаби вазифасини ҳам ўтамоқда. Бу ерда кўплаб ёшлар қадимий матоларни қайта тиклаш йўналишда билим ва тажриба орттирдилар ва ҳозиргача ўз маҳоратларини ошириб, қўл меҳнатининг ноёб маҳсулларини янада бойитиб бормоқдалар.

– Кўп йиллик тадқиқотлар жараёнида шунга амин бўлдикки, Хоразмнинг тарихий адраслари асосан ипак ҳамда ипнинг ҳамоҳанглиги асосида яратилган бўлиб, бу ўзига хос уйғунлашув орқали ноёб гўзаллик, улуғворлик юзага келган. Эскидан сақланиб қолган адрасларни диққат билан кузатар экансиз, нақшинкор чизиқларда узилиш кўзга ташланмайди. Яъни бир тексда ишланган давомий чизиқлар гулли безаклар орасида яққол намоён бўлади. Шунингдек, Хива тарихий чопонларининг қирраларидаги жияклар асосан қизил ва пушти рангларда бўлиб, матонинг ўзида тўқилган. Бу каби бир қанча ноёб услубларнинг ҳар бирининг ўзига хос тарихи бор, -дейди Оллоқулихон мадрасасидаги уста ҳунарманд Алишер Аҳмадалиев.

Оллоқулихон карвон саройининг Тим қисмида бугунги кунда 40 нафар ҳунарманд фаолият юритмоқда. Улар халқ ҳунармандчилигининг кўплаб йўналишлари асосида ўзлари қўлда ишлаган турли буюмларни чет эллик сайёҳлар ҳамда маҳаллий аҳолига тақдим қилмоқдалар.


Жумладан, қўл меҳнатининг барча турдаги маҳсулотлари – тўқилган гиламлар, миллий либослар, бош кийимлари, гул босилган газламалар ва чокли буюмлар, шунингдек, ёғоч ўймакорлиги, қандакорлик, мисгарлик маҳсулотлари ҳамда чинни, фаянс, сопол буюмлари, минатюра, ранг тасвир наққошлик асарлари, новдалардан тўқилган буюмлар, оддий металлардан миллий услубларда ишланган тақинчоқлар карвонсарой Тимида сотувга қўйилган маҳсулотларнинг асосий қисмини ташкил қилади.

Ҳунарманд-савдогарларнинг таъкидлашича, бу ерга келган хорижий сайёҳларнинг айниқса, табиий толадан тайёрланган буюмларга қизиқиши ва эҳтиёжи ортиб боряпти.

Жумладан, соф ипакдан тикилганган чопон, яхтак, нимчаларнинг жозибадорлиги улар томонидан алоҳида эътироф этилган. Хива нафақат мамлакатимиз туризми ривожида, балки, қадимдан ота-боболариимиздан қолган халқ ҳунармандчилигининг такомиллашуви, тараққиётида ҳам муҳим аҳамият касб этаётган тарихий шаҳардир. Бу ўз навбатида келажак авлодларга ўтмиш қадриятларини, буюк анъаналарни мерос қолдиришга замин яратади.

скачать dle 12.0

ЎХШАШ МАВЗУЛАР