BBC Ўзбек

ДХХ 67 ёшли дипломатга дубинка билан зўрлаш билан таҳдид қилган - Human Rights Watch

Қодир Юсупов узоқ йиллар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида юқори даражали лавозимларда ишлаган

Ўзбекистон ҳукумати давлатга хиёнат қилишда айбланган нафақадаги дипломат Қодир Юсуповни зудлик билан озод қилиши керак, дея баёнот билан чиқди Ҳюман Райтс Вотч халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳи.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан 10 йил аввал истеъфога чиққан Қодир Юсупов 2018 йил декабридан бери ҳибсда ушлаб турилибди. Юсуповнинг оиласига кўра, у руҳий хасталикдан жабр чекиб келади.

Ҳюман Райтс Вотч ва Юсуповнинг оиласига кўра, 67 ёшли дипломат Давлат Хавфсизлик Хизмати (ДХХ) ҳибсхонасида қийноққа солинган.
Юсуповнинг суд иши 10 июнда бошланган, аммо "ҳужжатлар текширилиши" ваъжи билан бир ҳафтага кечиктирилган.

"Ўзбекистон ҳукумати унинг таҳқирланиши, жумладан қийноққа солиниши бўйича тезкор, холисона ва шаффоф тергов ўтказиши керак", дейилади Ҳюман Райтс Вотч баёнотида.

Суиқасд ҳаракати

Би-би-си ўзбек хизмати Қодир Юсупов ҳибсга олиниши ҳақида жорий йил март ойида хабар қилганди.

Қодир Юсуповни ДХХ зобитлари Тошкентдаги касалхонадан 10 декабрда олиб кетишган ва кўп ўтмай Жиноят Кодексининг 157-моддаси, яъни давлатга хиёнатда айблашган.

Юсупов касалхонага Тошкент метросида ўзини поезд остига ташлаб ўлдиришга уриниши ва қатор жароҳатлар олиши ортидан қабул қилинган бўлган.

Қодир Юсупов нафақага чиқиши ортидан руҳий хасталиги оғирлашган ва у ўзини ўлдиришга уринган

Ҳюман Райтс Вотч ёзишича, ва Юсупов оиласининг Би-би-сига тасдиқлашича, ДХХ қарийб 5 ой давомида Юсуповга мустақил адвокат хизматларидан воз кечиш йўлида босим ўтказган.

Ташкилотга кўра, ДХХ Юсупов иши матбуотда ёритилиши ортидангина, 24 апрелда Юсуповга ўз адвокати билан кўришишга рухсат берган.

Дубинка билан зўрлаш

"Юсуповнинг қариндошлари Ҳюман Райтс Вотчга айтишларича, Юсупов тўрт ой давомида руҳий қийноқлар қурбони бўлган. Уларга кўра, 2018 йил декабри ва 2019 йил март ойлари ўртасида икки ДХХ зобити ҳар куни 2 ё 3 марта унинг камерасига кириб, агар у айбини бўйнига олмаса, улар уни резина дубинка билан жинсий зўрлашлари, қизи ва хотинини зўрлашлари, ва унинг икки ўғлини ҳибсга олишлари, хусусан чет элдаги ўғлини экстрадиция қилиб олиб келишларини айтиб таҳдид қилишган", дейилади баёнотда.

Юсуповнинг оиласи билдиришича, ДХХ зобитлари Юсуповга шифокор томонидан белгиланган дорилар берилишига тўсқинлик қилганлар ва оила устидан кузатув ўрнатиб, тазйиқ қилганлар.

"2017 йил ноябрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев судларга қийноқлар ёрдамида олинган ҳар қандай далил-исботни қўллашни тақиқловчи ва фақат суд иши давомида тасдиқланган далил-исбот асосида ҳуқуқий қарор олишни буюрувчи фармонга имзо чеккан. 2018 йил мартида кучга кирган ушбу фармонга биноан, прокурорлар айбланувчи ё айбланувчи оиласига жисмоний ё руҳий босим ўтказилган ё ўтказилмаганини текширишлари керак. Агар ушбу фармонга амал қилинса, Ўзбекистонда ҳибс вақтидаги қийноқлар ва таҳқирлашларни бартараф қилиш мумкин бўлади", дейилади Ҳюман Райтс Вотч баёнотида.

Ҳюман Райтс Вотчнинг Марказий Осиё бўйича вакили Стив Свердлов шу ҳафта Тошкентда Комил Алламжонов билан учрашди

Ҳюман Райтс Вотчнинг Марказий Осиё бўйича вакили Стив Свердловнинг айтишича, Юсупов ишида унга нисбатан қийноқлар, дори ва адвокатдан мосуво қилиш, оиласини тазйиқ остига олиш каби жиддий айбловлар бор ва уларни зудлик билан тергов қилиш керак.

"Халқаро қонунлар ва Ўзбекистоннинг ўзидаги қонунларга кўра, ҳеч қандай айблов иши қийноқлар асосида тузилмайди. Юсупов озод қилиниши керак ва уни таҳқирлаганлар жавобгарликка тортилиши керак", - дейди Свердлов.

Стив Свердлов душанба куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов билан учрашган.

Ҳюман Райтс Вотч, шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматини ҳиёнат айблови каби сиёсий ваъжлар билан ҳибсга олинган ва қийноққа тутилгани даъво қилинган бошқа шахслар, хусусан 2017 йилдан бери қамоқда қолаётган зиёли Андрей Кубатин ва 2009 йилдан бери жазони ўтаётган собиқ аскар Равшан Қосимовни озод қилишга чақирган.



Руҳий аҳволи "қониқарли"?

Би-би-си март ойида Юсупов ишига аниқлик киритишни сўраб Ўзбекистон Бош прокуратурасига қуйидаги саволларни берган эди:
Би-би-си: Қодиржон Юсуповга қандай айблов қўйилган?
Бош Прокуратура: Қодиржон Юсуповга нисбатан ЖКнинг 157-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
(Давлатга хоинлик қилиш, яъни Ўзбекистон Республикасининг фуқароси томонидан жосуслик, чет эл давлатига, чет эл ташкилотига ёки уларнинг вакилларига давлат сирларини етказиш ёхуд Ўзбекистон Республикасига қарши душманлик фаолияти олиб боришда бошқача ёрдам кўрсатиш йўли билан Ўзбекистон Республикасининг суверенитетига, ҳудудий дахлсизлигига, хавфсизлигига, мудофаа салоҳиятига, иқтисодиётига зарар етказишга қаратилган қасддан содир этилган қилмиш.)
Би-би-си: Нега унинг оиласи билан кўришишига рухсат берилмаяпти?

Қодир Юсупов ўзини Тошкентдаги "Пушкин" метро бекатида поезд остида ташлаган

Бош Прокуратура: Юсуповнинг оила-аъзолари тергов органига учрашув юзасидан тегишли тартибда мурожаат қилган тақдирда, ЖПК талаблари асосида уларнинг учрашув масаласи кўриб чиқилади. ЖПКнинг 230-моддаси. Ушлаб турилган шахсга қариндошлари ва бошқа шахслар билан учрашувга ушлаб турилган шахслар сақланадиган жойнинг маъмурияти ушлаб туриш тўғрисидаги материаллар қайси терговчи ёки суриштирувчининг иш юритувида бўлса, фақат ўша терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсати асосида ижозат беради, ҳимоячи билан учрашув бундан мустасно.

Би-би-си: Нега унинг оиласи унинг аҳволидан бехабар қолдирилмоқда?
Бош Прокуратура: Юсуповнинг оила-аъзолари унинг аҳволидан қонуний ҳимоячиси орқали хабардор бўлишлари ёки тергов органига тегишли тартибда мурожаат қилган тақдирда, ЖПК талаблари асосида уларнинг учрашув масаласи кўриб чиқилади. Бундан ташқари, сингиллари Вазиранинг 2 маротаба, Назира ва ўғли Темурларнинг 3 маротабадан Юсуповнинг руҳий ва жисмоний аҳволи ҳақида терговчига телефон қўнғироқлари орқали берилган саволларига тўлиқ жавоб берилиб келинган.

Би-би-си: Юсупов қаерда сақланаяпти?
Бош Прокуратура: ДХХ тергов изоляторида сақланмоқда.

Би-би-си: Унинг руҳий ташхиси терговчилар томонидан ҳисобга олинадими?
Бош Прокуратура: Ҳозирги кунда Юсуповнинг руҳий аҳволи қониқарли, келгусида унинг руҳий ҳолатида ўзгариш бўлган тақдирда, тегишли тартибда ЖПК талаблари асосида ҳал этилиши таъминланади.
скачать dle 12.0

ЎХШАШ МАВЗУЛАР