Ўзбекистон / Шоу бизнес

Қўшиқчилар ''опа''сини соғинганини намойишкорона айтишни бошлади


Сизга яхши маълум, бир неча кундирки, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова муҳокамалар майдонининг асосий қаҳрамони бўлиб турибди. Унинг қизи Имон Каримова онаси номидан Ўзбекистон халқига ва Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаатни эълон қилди. Ушбу мурожаатда халқдан кечирим сўраган Гулнора Каримова пуллари давлат бюджетига йўналтирилганини маълум қилган ва Президент Мирзиёевнинг шафқатидан умид қилишини билдирганди. 

Гулнора жамоатчилик орасига қайтиши яқинми? Бу савол айни вақтда кўпчиликни қийнаяпти. Ижтимоий тармоқларда эса аллақачон хоним Каримовани қўллаб-қувватлаш акцияси бошлаб юборилди. Албатта, бунда Каримовага яқин бўлган хонандалар биринчи бўлиб отни қамчилади. 

Хусусан, “Божалар” гуруҳи хонандаси Жаҳонгир Позилжонов “Сизни соғиндик, тезроқ эсон-омон оилангиз бағрига қайтишингизни тилаб қоламиз. Сиҳат-саломатлик тилаймиз”, деб ёзиб, ўзи ва турмуш ўртоғининг Гулнора Каримова билан тушган суратини ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлаштирган. 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зиёда Қобилова, “Ниҳол” мукофоти совриндори Умидахон Хожиева, актрисалар Наргиза Салмонова, Жамила Ғофурова ҳам Гулнора Каримованинг суратини Instagram’даги саҳифаларига жойлаштирганлар. 
Юқорида номлари келтирилган хонандалар – Позилжонов, Қобилова ва Хожиева Гулнора Каримова билан ўта яқин бўлган. Айниқса, Позилжонов. Улар Каримованинг тор доиралардаги тадбирларида ҳам иштирок этгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Бироқ, Гулнора Каримованинг боши узра қора булутлар айлана бошлаган даврлар, 2013 йил охирларида Каримова Twitter’даги саҳифаси орқали хонанда Зиёда Қобиловани қаттиқ танқид қилган эди. 

Фонд форум ёпилиши, Гулнора Каримовага нисбатан жиноят иши очилиши ортидан унинг бошлаб қўйган лойиҳалари ҳам тугатилди. Шулардан бири M&TVA – 2013 тақдимот  маросими эди. Йил якунида бўлиб ўтиши анъанага айланган тадбирга 2013 йил охирларида ҳам катта тайёргарлик кўрилди. Бироқ, ноябрь ойида бошланган ишлар оқибатида Каримованинг лойиҳаларига жаноза ўқилди. Унга тегишли телеканаллар, радио ва газеталар ҳам ёпиб қўйилди. Халқ орзиқиб кутаётган тақдимот ўрнига Маданият вазирлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан янги арзон ва чалажон лойиҳа ўйлаб топилди ва у “Эътироф” деган ном олди. Ўша йили M&TVA ўрнида ўтказилган “Эътироф” тақдимот маросимида “Йилнинг энг яхши аёл хонандаси” номинациясида ғолиблик хонанда Зиёдага насиб этди. Зиёда саҳнага чиқиб келаркан, кўз ёшларини артди, йиғлаганча мукофотни қабул қилиб олди ва кўзида ёш қалқиб интервью берди. 

ТВда намойиш этилган, ОАВда кўп муҳокама қилинган бу воқеадан Гулнора Каримова ҳам хабар топди ва Twitter’даги саҳифасида Зиёда Қобиловани қаттиқ қоралади. Унга кўрсатилган эътибор ва ғамхўрликни эслади, Зиёда эса буларни оқламаганини қўшимча қилди. Ўшанда бу воқеа шоу-бизнесда катта шов-шувларга сабаб бўлганди. 

Қолаверса, Гулнора Каримова Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоиловни ҳам қаттиқ қоралаб, уни нонкўрликда айблаганди. “Этагим атрофида айланиб, куй чалганлар бугун ортимдан нималар қилаётганига қараб ачинаман”, қабилида пост қолдирган эди Каримова. 

Гулнора Каримованинг ширкатлари, хусусан МТВ телеканалига қарши қаратилган ишлар авжига чиққанидан кейин, прокуратура унга барча шоу-бизнес вакиллари, телеканал билан мунтазам алоқа қилган продюсерларни жалб қилди. Ўша вақтда МХХга бориб, жон сақлаб қолиш мақсадида Гулнора Каримова ва унинг жамоаси устидан шикоят қилган, унга қарши баёнот берган, Каримовадан азият чекканини айтган қўшиқчилар ҳам топилди. Аслида эса Гулнора қушдек енгил парвоз қилган вақтида улар “опа”нинг қанотлари остига яширинганди. 

Норасмий маълумотлардан яна бири шуки, ўша вақтларда ҳам Жаҳонгир Позилжонов Гулнорага содиқлигича қолган. Хонанда бирдан мамлакатда йўқ бўлиб қолди. Кейинроқ, унинг оиласи билан Америкага кўчиб ўтгани ҳақида гаплар тарқалди. Анчадан кейин Позилжонов Ўзбекистонга қайтди. Маълумотларга қараганда, у ўша вақтларда Гулнорага қарши баёнот бермаслик учун ҳам мамлакатни тарк этган. Унга қарши баёнот бермаган бир неча санъаткорлар орасида Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова, Нилуфар Усмонова, Алишер Узоқов ҳам бор.
 
Гапнинг қисқаси, Гулноранинг қайтишига нисбатан умид кучайганга ўхшайди. Боиси, етти ўлчаб бир кесадиган, қатиқни ҳам пуфлаб ичадиган санъат аҳли олти йил деганда айнан бугун “опа”сини соғиниб қолармиди...


Манба:qalampir.uzскачать dle 12.0

ЎХШАШ МАВЗУЛАР