Ўзбекистон

Халқимиз гўшт танқислигига дуч келмайди


Ижтимоий тармоқларда “гўштнинг нархи 60 минг сўмга чиқиб кетибди” деган хабарлар тарқаб кетди. Шов-шувга ўч одамлар учун бу мавзу жуда қўл келди. Айниқса, бекорчиликдан зериккан бекорчилар бу мавзуни кўринган таниш нотанишнинг қулоғига қуйишдан ҳам роҳатланишди.

Шу пайтгача бозордан гўшт харид қилиб, унинг нархи 60 минг сўмга кўтарилганига ҳеч гувоҳ бўлмаган эканман. Ёки нимадандир ортда қолдиммикан, деб “Чорсу” деҳқон бозори томон йўл олдим.

Гўшт расталаридаги нархларга разм солдим. Нархлар ўша-ўша, 34000-39000 сўмгача турибди. Ёки мутасаддиларимиз яна кўзбўямачиликни қойиллатишяптимикан, деган шубҳа билан сотувчиларни зимдан кузатдим. Йўқ, ҳаммаси жойида. Гўшт харид қилмоқчи бўлганларга растада ёзилган нархда қўшимча суяк қўшмасдан сотишмоқда.

“Чорсу” деҳқон бозори” АЖ маъмурияти гўштнинг нархини бир меъёрида ушлаб туриш учун 23 та махсус гўшт расталари ташкил этган. Ушбу расталарда санитария текширувларидан ўтган гўштлар сотилмоқда. Ҳафта кунларига қараб кунига 8 тоннадан – 20 тоннагача гўшт сотилар экан.

photo5280926813629033318.jpg

Шу ўринда, омма орасида тарқалган “60 минг”га ойдинлик киритиш учун қассоблардан бирини суҳбатга тортдим. Унинг сўзларига кўра, 60 минг сўмлик нарх гўштда бор экан. Аммо, битта буқадан 2 килограмм 60 минг сўмлик гўшт чиқар экан. Яъни, молнинг биқинида озгина жойи ўта юмшоқ бўлгани учун махсус шашлик тайёрлаш учун олишар экан. Уни ҳамма шашликчилар ҳам олмас экан. Унинг ўз ишқибозлари бор экан.

Аҳолини гўшт маҳсулоти билан бир меъёрида таъминлаш, келгусида унинг танқислиги пайдо бўлмаслиги учун қилинаётган ишлар хусусида “Ўзбекчорвачилик” агентлиги Бош директори биринчи ўринбосари Зиёдулла Пирназаровдан маълумот олдик.

Унинг айтишича, халқимизни гўшт маҳсулотлари билан таъминлашдаги барқарорликни таъминлаш мақсадида уч йиллик дастур ишлаб чиқилган. Бугунги кунда расталардаги гўштни 34 мингдан 39 минг сўмгача бўлган нархда ушлаб турилишининг сабаби – аҳолининг талаб ва эҳтиёжи ҳамда бозор механизмидан келиб чиқиб танланган нарх шундай.

Шунингдек, “Ўзбекчорвачилик” агентлиги томонидан чорвачилик хўжаликларининг озуқа харажатларини имкон қадар қисқартириш борасида ҳам изланишлар олиб бориляпти. Ушбу ташкилот томонидан ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, корхонадан чиққан озуқа бозор орқали чорва эгаларига 36 фоиз фарқи билан етиб бораётган экан. Ана шу фарқни имкон қадар қисқартириш учун ишлаб чиқарувчи корхоналар билан ҳамкорликда ишлаш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Қолаверса, туманларда ҳар бири 400-500 бошга мўлжалланган 107 та бўрдоқичилик комплекслари ҳам ташкил этиляпти.

Келгусида юртимизда гўшт маҳсулотлари танқислиги пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида ҳар эҳтимолга қарши аҳолининг шахсий хонадонларидаги қорамоллар сони ҳам мониторинг қилиб борилмоқда.

Бу борада “Ўзбекчорвачилик” агентлигининг ўтказган мониторинг ва таҳлилларига кўра айни дамда аҳолининг қўлида 10 миллион бошдан зиёд қорамол мавжуд. Бу – халқимизда гўшт танқислиги вужудга келмайди дегани.

скачать dle 12.0

ЎХШАШ МАВЗУЛАР